2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ТАРБИЯНИНГ ЎЗИГА ХОС УСЛУБИ

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Тошкент ҳарбий округи ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш муассасаси Бош бошқармаси ҳамкорлигида «Ёшларнинг тарбиясига барчамиз масъулмиз» шиори остида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика мақсадида тадбир ўтказилди.

Вакиллар дастлаб Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида жойлашган 23-сонли Меҳрибонлик уйининг ўсмир ёшидаги тарбияланувчи қизлари билан бирга аёллар учун мўлжалланган жазони ижро этиш муассасасида бўлишди. Тадбирда Республика Ҳарбий прокурори ёрдамчиси адлия капитани Гулчеҳра Турсунова, Тошкент ҳарбий округи хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Дилбархон Ҳусанова, Зангиота тумани жиноят ишлари бўйича судьяси Алишер Нурматов ва бошқа мутахассислар иштирок этди. Уларнинг жиноят ва жазо ҳақидаги суҳбати боши эгик маҳкумаларнинг дил дардига уланди.

Уларнинг аччиқ кўз ёши, тўғрилаб бўлмас хатоси бадалини нафақат ўзи, балки яқинлари ҳам тортаётгани, виждон азоби, кўксини эзиб турган чексиз изтироби тадбир иштирокчиларига таъсир этмай қолмади. Улар тарбияланувчи қизларга жиноятга бошловчи жирканч йўлга қадам босмасликларини қайта-қайта таъкидлади.

Иккинчи тадбир «Темурбеклар мактаби» ўқувчилари ва 23-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ўғил болалар иштирокида Зангиота тарбия муассасасида амалга оширилди. Тадбир давомида муассасадаги тарбияси оғир болалар қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, озодликнинг қадрига етиш ва уни ардоқлаш зарурлиги, қайта жиноятга қўл урмаслиги, келажакда ота-онага меҳрибон, юртга керакли инсон бўлишни кўзларида ёш билан айтдилар.

 – Ушбу учрашувдан кўзланган мақсад, – дейди Республика Ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси адлия капитани Гулчеҳра Турсунова, – вояга етмаган ёш авлоднинг ўз ҳаёт йўлини тўғри танлашда адашмаслиги, уларга Ватанни севиш, садоқатли, фидойи ва комил инсон бўлишлари, жиноят учун жазо муқаррар эканлигини тушунтиришдан иборат. Ўйлайманки, бу тадбирлар уларнинг ҳаётида, тўғри йўл танлашларида катта аҳамият касб этади.

Зулфия ЮНУСОВА

Информеры