2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

АКАДЕМИЯДА ДАВРА СУҲБАТИ

Қуролли Кучлар академиясида «Олий ҳарбий таълим муассасаларида хорижий давлатлар тажрибаси асосида машғулотлар ўтиш методикасини такомиллаштириш» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирга Мудофаа вазирлиги ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси, Бош штаб ҳарбий стратегик тадқиқотлар ва илмий ишлар маркази, олий ҳарбий таълим муассасалари, олий таълим муассасаларининг ҳарбий кафедралари вакиллари таклиф этилди.

Давра суҳбатида юртимиздаги ҳарбий кадрлар тайёрлаш жараёнида Дэвид Колб модели, Бенджамин Блум таксономияси, Питер Хани ва Алан Мамфорд услубини қўллаш масаласини таҳлил қилиш, таълим жараёнини ташкил этиш бўйича хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, илғор тажрибаларни ўзимизга мослаштирган ҳолда татбиқ қилиш кабилар бўйича маърузалар тингланди.

Кун тартибидаги масалалар муҳокама қилингач, Қуролли Кучлар академиясининг Мудофаа вазирлиги ҳарбий таълим муассасалари ўқитувчи кадрлар малакасини ошириш марказига тажрибани амалий қўллаш билан боғлиқ таҳлилий ҳужжатни тайёрлаш ва таълим моделига оид ўқув-методик қўлланма ишлаб чиқиш тавсия қилинди.

Низомиддин МАТЁҚУБОВ