2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

НАТО МУТАХАССИСЛАРИ МАШҒУЛОТ ЎТДИ

Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва жанговар тайёргарлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, мамлакатимиз суверенитети ва унинг давлат чегараларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш борасидаги ишларни давом эттириш ана шу ташқи сиёсий стратегияни изчил амалга ошириш, Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти саналади. Бу эса ўз навбатида ҳарбий қурилиш, қўшинларнинг хизмат-жанговар фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги илғор хорижий тажриба ва замонавий ҳарбий санъат ютуқларини чуқур ўрганиш ва улардан унумли фойдаланишни талаб қилади.

НАТОнинг Бирлашган кучлар қўмондонлиги штаб-квартираси мутахассислари томонидан Қуролли Кучлар академиясида ўтказилган ўқув машғулотлари ҳам мана шундай эзгу мақсадга хизмат қилади. Тўрт кун давом этган машғулотларни подполковниклар Рузичич Драган, Сивертсен Гуннар ва майор Уард Мишел Терезе олиб борди. Машғулотларда қўшинларнинг хизмат-жанговар фаолиятини ҳар томонлама ташкиллаштириш истиқболлари, жанг шароитида психологиянинг тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз борди.

Таъкидлаш жоизки, Қуролли Кучлар академияси бугунги кунда етакчи хорижий мамлакатлардаги олий ҳарбий таълим муассасалари ва кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу эса ҳарбий хизматчиларга соҳага оид замонавий билим ва кўникмаларни такомиллаштириш, жанговар-хизмат фаолиятига оид бой тажриба ва кўникмаларга эга бўлиш имкониятини бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, академияда НАТОнинг «Мультимедиа бурчаги» ҳам ташкил этилган. Мазкур бурчакдан ўрин олган қўлланма ва китобларда қуролли кучларни қўллаш стратегияси ва тактикасини янада такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб боришда хориж тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берилган.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА