2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ШАХДАМ ҚАДАМ ТАШЛАБ КЕЛАР ЁШ АВЛОД

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультетида «Шахдам қадамлар» шиори остида ҳарбий спорт фестивали бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси, мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, Ёшлар иттифоқининг шаҳар кенгаши, Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ушбу мусобақадан кўзланган асосий мақсад ёш авлод ўртасида спортни кенгроқ тарғиб қилиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини янада оширишга қаратилган.

Майдонда жамоа-жамоа бўлиб саф тортган мактаб ўқувчилари ўзаро баҳслашишга шай. Мана, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янграмоқда. Ундаги сеҳрли оҳанг юрак-юраккача етиб, ҳар қандай кишини руҳлантиради.

Мусобақани Қуролли Кучлар фахрийси Талат Муродов очиб берар экан, юртимизнинг ёш авлоддан умиди катта экани, уларнинг билими ва кучи, ғайрати ва жасорати эртанги қудратимиз ва тинчлигимизни таъминловчи асосий куч бўлишини ифтихор билан таъкидлаб ўтди.

Сўнгра, Яшнобод туманидаги 153-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг қўл жанги бўйича чиқишлари намойиш этилди. Олқишлар бир зум бўлса-да тинмади.

Мусобақа қатнашчилари тест саволларини ечиш, турникка тортилиш, эстафета, мерганлик, баскетбол тўпини саватга улоқтириш, 11 метрдан дарвозага тўп киритиш, арқон тортиш каби шартлар бўйича баҳслашишди. Синовлар шаффоф руҳда ўтиб, иштирокчилар маҳоратини ҳакамлар билан биргаликда томошабинлар ҳам бевосита кузатиб бордилар.

Якуний натижаларга кўра, ҳарбий спорт фестивали мусобақасида жамоалар ўртасида фахрли 1-ўринни 5-умумтаълим мактабининг «Патриот» жамоаси эгаллади ҳамда диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

2-ўрин 105-умумтаълим мактабининг «Қалқон» жамоасига насиб этган бўлса, 3-ўринни 272-умумтаълим мактабининг «Шаҳристон» жамоаси қўлга киритди.

Кимдир баҳсларда енгди, кимдир ожиз томонларини кўриб, хулоса чиқарди. Асосийси, ўша куни ғолиб ҳам, мағлуб ҳам барчанинг олдида бир сўзни баралла айта олди: «Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!»

Шоҳсанам НИЁЗОВА

 

Информеры