2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, жамиятда  қонун устуворлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири саналади. Зеро, қонун устуворлигига эришиш мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишига улкан ҳисса қўшиши билан бир қаторда  фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб етиши ва яна энг асосийси, уларда ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қонунларга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади.

Подполковник О. Мамуров командирлик қилаётган ҳарбий қисмда ўтказилган  очиқ мулоқот ҳам ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, яшаш шарт-шароитларини яхшилаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Тошкент вилояти Зангиота тумани адлия бўлими мутахассислари Шерали Маҳмудов, Ўткир Мухторов ва  туман катта нотариуси Зулфия Асманова иштирок этишди.

Самимий руҳда ўтган очиқ мулоқот давомида  йиғилганлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан керакли жавоб ва йўл-йўриқлар олди.

 «Мардлар қўриқлайди Ватанни»

Худди шу ҳарбий қисмда «Мардлар қўриқлайди Ватанни» шиори остида ҳарбий спорт мусобақаси ҳам ўтказилди. Мусобақада  ҳарбий хизматчилардан иборат «Алпомиш», «Навқирон» ва «Ватан посбонлари» гуруҳлари ўзаро куч синашди. Мусобақа шартига кўра жамоалар 3000 метрга югуриш, амалий ўқ отиш, қийин тўсиқлардан ўтиш, тош кўтариш каби спорт турлари бўйича беллашдилар. Қизғин ва муросасиз ўтган мусобақа якунига кўра, «Навқирон» гуруҳи энг кўп балл тўплаб, ғолибликни қўлга киритди.

Мусобақада иштирок этган жамоалар ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 Г. ҲОЖИМУРОДОВА