2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

«ЁШЛАРНИНГ ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК ТАРБИЯСИ»

Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида яқинда чоп этилган «Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси» номли китобни ёшларга таништириш бўйича маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошқарма бошлиғи подполковник Ҳусан Ботиров, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Мажид Умаров, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирок этди. Cўз олганлар Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши тасарруфидаги кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази томонидан тайёрланган қўлланмада ёшларни Ватан ҳимоясига тайёрлаш, уларда илк ҳарбий кўникмани шакллантириш масалаларига урғу берилганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

– Ушбу китоб ҳарбий-ватанпарварлик масалаларига доир меъёрий-ҳуқуқий асосларни замонавий услубларда такомиллаштириб бориш, манфаатдор ташкилотлар билан ижтимоий шериклик фаолиятига асосланган тизимни ташкил этиш ҳамда бу тизим иштирокчиларининг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси бўйича аниқ мақсад-вазифаларини белгилаш ва амалга ошириб бориш усулларини ўзида жамлаган, – дейди Мажид Умаров.

А. ОМОНТУРДИЕВ