2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик кунида

Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмлар ҳамкорлигида Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни доирасида шаҳардаги 9-умумтаълим мактабида Қуролли Кучлар фахрийлари ва ҳарбий хизматчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Истеъфодаги полковниклар Авазбек Намозов, Александр Харламов ўқувчи ёшларга берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш, ҳарбий-ватанпарварлик, улуғ аждодлардан ибрат олиш ва уларга муносиб бўлиш ҳақида гапириб, ҳарбий хизматни ўташ давомида бошидан кечирган, кишини ватанпарварликка чорловчи ибратли воқеа-ҳодисаларни баён этдилар.

– Ҳар бир ўқувчи ҳарбий-ватанпарварлик туйғуси билан тарбияланиши, таълим олиши ва вояга етиши керак, – дейди Тошкент ҳарбий округи фахрийлари кенгаши раиси А. Намозов. – Қуролли Кучлар фахрийлари бу борада турли таълим масканларида ташкил этилаётган учрашувларда қатнашиб, ёш авлод қалбида азиз Ватан ва мангу жасорат туйғуларини сайқаллашга, маънавий оламини бойитишга хизмат қилмоқдалар.

Ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар билан давом этган тадбирнинг иккинчи қисмида қурол-аслаҳалар намойиши бўлиб ўтди.

А. АНВАРОВ

Информеры