2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ИНСОН ХОТИРАСИ МУҚАДДАС

Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги 18-умумтаълим мактабида Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг тинчлиги ва осойишталигини асраш йўлида азиз жонини ҳам аямаган, хизмат бурчини ўташ чоғида мардларча ҳалок бўлган мард ўғлон – капитан Сирожиддин Қўзиев хотирасига бағишлаб, «Ватан фидойи фарзандларини унутмайди» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда қаҳрамоннинг оила аъзолари ва устозлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Мактабнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси истеъфодаги майор Б. Тожибоев жумладан шундай деди: «Сирожиддин ушбу мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, ҳозирги Қуролли Кучлар академиясига ҳужжат топширди. Барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, курсант бўлди. Ўқишни муваффақиятли битиргач, ҳарбий қисмлардан бирида офицерлик фаолиятини бошлади. 2006 йилнинг 19 октябрида капитан Сирожиддин Қўзиев хизмат бурчини ўташ чоғида, мардларча ҳалок бўлди. Унинг довюраклиги барчага, айниқса, ёшларимизга ибрат бўлиб қолади.

Зуҳро Мирзакаримова, Ҳасанбой Мирзакаримов, Одина Қувватова, Асадбек Акбаров, Феруза Мирзараимова ва бошқа ўқувчилар она Ватан, унинг мард ҳимоячиларига бағишланган шеърлар ўқиди.

Қаҳрамоннинг ота-онаси хотира тадбири ташкилотчилари, жумладан, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Баҳромжон Тожибоевга ўз миннатдорчилигини билдирдилар.

Мамиржон АБДУМУТАЛИПОВ,

ўқитувчи

 

 

 

 

Информеры