2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

УЛАР ЯНА ҒОЛИБ

Газетамизнинг ўтган сонида олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида информатика бўйича фан олимпиадаси бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ниҳоят ҳакамлар ҳайъати томонидан натижалар умумлаштириб чиқилди ва ғолиб жамоа эълон қилинди.

Унга кўра, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети курсантлари 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўринга Қуролли Кучлар академияси, 3-ўринга Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари эгалик қилди. Демак, келаси йили информатика фани бўйича ўтказиладиган халқаро фан олимпиадасида Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети курсантлари яна бир бор Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

– Дастурлаш тили бугунги кун учун жуда муҳим йўналиш. Чунки ривож­ланиш суръати ўсиб боргани сари дастурлашга талаб ҳам ортиб бормоқда. Агар ҳарбий хизматчи дастурлаш тилини яхши билса, мавжуд ҳарбий техникаларни модернизация қила олади, уларда мавжуд имкониятларни автоматлаштира олади. Шу орқали соҳанинг янада ривожланишига ҳисса қўшади. Биз бу сафар курсантлар билан олимпиадага тайёргарлик кўриш давомида ҳам дастурлаш тилларини чуқурроқ ўрганишга урғу бериб, шунингдек,  ўтган йили халқаро фан олимпиадасида берилган топшириқларни қайта кўриб чиқдик, – дейди махсус факультетнинг телекоммуникация кафедраси бошлиғи подполковник Мирзакарим Ибрагимов. –  Шогирдларимиз бу сафар ҳам ишончимизни оқлаганидан хурсандмиз. Олдинда бундан-да масъулиятли танлов бор. Шунинг учун тайёргарликни сусайтирмаймиз. Яъни келаси йили курсантларимиз халқаро фан олимпиадасида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларни қўлга киритиши учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Гулнора ТУРСУНБОЕВА