2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ЎЗНИ АНГЛАМОҚҚА КИТОБ КЕРАКДИР

Китоб жавони ва китоблари йўқ уйга ачинаман, деган эди алломалардан бири. Бугунгидек шиддатли замонда бадиий адабиётларга меҳр қўйиш киши тафаккурини бойитишга, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади.

Пойтахтимиздаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий госпиталида ўтказилган «Ўзни англамоққа – китоб керакдир» номли адабий тадбирдан ҳам ана шундай эзгу мақсад кўзланган. Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари шоиралар Умида Абдуазимова ҳамда Наргиза Асадова иштирок этган учрашувда бугунги кунда китобнинг ўрни, китобхонлик даражасини оширишга қаратилган муҳим вазифалар, киши маънавиятини оширишда мутолаанинг роли ҳақида сўз юритилди.

– Бугун юртимизда маънавиятга, маърифатга катта эътибор қаратилмоқда, – деди ўз сўзида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Умида Абдуазимова. – Хусусан, китоб тарғиботига, ноширлик ишларига берилаётган эътибор таҳсинга муносиб. Чунки қўлида китоби бор халқ ҳеч қачон йўлидан адашмайди, бировга қарам бўлмайди. Улуғ аждодларимизнинг ҳаёти бунга мисол. Улуғларимиз яратган бебаҳо асарлар бугун дунё маърифатига нур сочиб турибди.

Бугунги тадбирда биз юрт посбонлари билан учрашиб, улар билан шу мавзуда дилдан суҳбат қурдик. Суҳбат жараёнида чегарачиларимизнинг бадиий адабиётга қизиқишини, китобсеварлигини билдик. Бундай учрашувларни кўпроқ ташкил этиш ўзаро дўстликни, китобхонликни оширишга хизмат қилади.

Кичик сержант

Шарофиддин АБДУЛЛАЕВ