2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШ ЙЎЛИДА

Қуролли Кучлар академиясида Тошкент ҳарбий суди, Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси томонидан ҳарбий қисм ва муассасаларда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий-профилактик тадбир ўтказилди. Унга Тошкент гарнизонидаги ҳарбий хизматчилар жалб этилди.

Тошкент ҳарбий суди раиси Одил Илҳомжонов ҳарбий хизматчилар орасида қайд этилаётган айрим жиноятлар ва уларни содир этганларга нисбатан кўрилган чоралар ҳақида фикр юритди. Шунингдек, шахсан ўзи раислик қилган ишларга тўхталиб, тадбир иштирокчиларини янада ҳушёрликка чорлади.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Президент фармонлари ва ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш муҳим омиллардан бири ҳисобланишини алоҳида таъкидладилар. Зеро, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – эркин фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш. Чунки фақат шундай жамиятдагина шахс ўзининг барча қобилиятларини тўлалигича амалга ошира олади.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда ҳарбий хизматчилар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мутахассислардан тўлақонли жавоблар олишди.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры