Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МАҲОРАТ САБОҚЛАРИ

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» шиори остида «Мардлик ва жасорат» дарслари ўтказилди.

Унда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари бошчилигида ҳудуддаги қатор умумтаълим мактаблари ҳамда коллеж ва лицейларнинг ўқувчилари иштирок этишди.

Ҳарбий қисмда мутахассислар томонидан ўқувчи ёшларга Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилиб, ҳарбий тарих, ҳарбий топография, отиш тайёргарлиги каби фанлардан машғулотлар ташкил этилди. Қизиқарли савол-жавоблар машғулотнинг сермазмун ўтишини таъминлади. Бевосита ҳарбий қисмда ўтказилган машғулотларда иштирок этиш ўқувчи ёшларда шарафли соҳага ҳавас уйғотиб, ватанпарварлик туйғуларини янада орттирди.

Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиларига маҳорат дарси ҳарбий қисм офицерлари томонидан ўтказилди. Уларга ҳозирги кун талаби даражасида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик ҳамда бошқа фанлардан машғулотларни ташкил этиш ва ўтказишга доир тавсиялар берилди.

Шунингдек, ҳарбий қисм маданият марказида Муборак туманида жойлашган коллеж, лицей ва мактабларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ўртасида ўтказилган «Энг илғор ўқитувчи» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Санъаткорлар ижросидаги концерт дастури ҳамда ўқувчилар томонидан тайёрланган саҳна чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди.

Подполковник

Файзулло ШЕРМАТОВ

 

 

Информеры