2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«START»ДАН «FINISH»ГАЧА

Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисм ташаббуси билан Ангрен шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлими ҳамкорлигида марафон ташкил этилди.

Унда шартнома бўйича хизмат қилаётган оддий аскарлар, касб-ҳунар коллежи ва мактаб ўқувчилари иштирок этди.

3 километрдан ортиқ масофада касб-ҳунар коллежи ва мактаб ўқувчилари ҳарбий акалари билан бир байроқ остида олға югуришди.

– Ҳарбий-ватанпарварлик руҳида ўтказилаётган бу каби тадбирлар, спорт мусобақалари ёшларнинг она Ватанга бўлган муҳаббатини оширибгина қолмай, уларда ҳарбий хизматга қизиқишни ҳам орттирмоқда, – дейди подполковник Зиёд Ҳакимов.

Марафонни кузатар эканмиз, ундаги бир рамзийлик эътиборимизни тортди. Иштирокчилардан олдинроқдаги ҳарбий машинада давлатимиз байроғи баланд кўтарилиб, ҳилпираб кетмоқда. Фахру ифтихоримиз рамзи бўлмиш байроқ гўё «FINISH»га элтувчи мангу маёқдек.

– Кучимни тўғри тақсимламаган эканман, «FINISH»га яқинлашиб қолганимда толиқиб қолдим, – дейди 17-умумтаълим мактаби ўқувчиси Толибжон Носиров. – Мен билан ёнма-ён югуриб келаётган аскар ака буни сезган экан. Бошқа югуролмасам керак, деб турганимда у мени елкамдан тутиб, ҳаракатга ундади. Шундан сўнг биргама-бирга югуриб келдик. Рости, бу менга бошқача куч-ғайрат ва кайфият берди. 

Ҳа, «START»дан «FINISH»гача бўлган масофани босиб ўтишда мана шундай дўсту биродарлик ришталари мустаҳкамланди.

Марафон сўнгида ғолиблар фахрий ёрлиқ, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

И. НУРАЛИЕВ

 

 

Информеры