Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МУНОСИБ БЎЛИШ МАСЪУЛИЯТИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг 5 фоизлик квота асосида ўқишга кирган 280 нафар фарзанди республикамизнинг турли олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.

Қуролли Кучлар давлат музейида Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари иштирокида пойтахтимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар билан давра суҳбати ҳамда «Менинг армиям – менинг фахрим» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда иштирок этган Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаш аъзолари талаба ёшларга берилган улкан имкониятдан фойдаланиб, чуқур билим олиш бўйича тавсия бердилар.

 – Бугун нафақат ҳарбий хизматчилар, балки уларнинг оила аъзоларига бўлган муносабат ҳам тубдан ўзгарди, – дейди Ўзбекистон халқ артисти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Афзал Рафиқов. – Сиз, ҳарбий хизматчиларнинг азиз фарзандлари, бу эътибор ва рағбатга муносиб бўлинг. Ўқишда ҳам, жамоатчилик ишларида ҳам алоҳида ажралиб туринг. Ҳарбий хизматчининг фарзанди ҳар доим тенгдошларига намуна бўлмоғи керак.

– Менинг дадам ҳарбий хизматчи. Мен ҳам мана шу рағбатни ҳис қилган бахтли ёшлардан бириман. Ҳозирда Тошкент молия институтининг 1-босқичида таҳсил оляпман. Дадамнинг касби боис шу пайтгача бешта вилоятда яшаганмиз. Баъзан мактабимни кўчирганимда синфдошларим билан чиқишиб кетишга қийналардим. Лекин бутун оиламиз билан ҳаммасини тўғри тушуниб, дадамнинг касбини чуқур ҳурмат қиламиз, – дейди Мафтуна Мақсадалиева.

И. ҚЎЧҚОРОВ.

 

 

Информеры