2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«МАРДЛАР ҚЎРИҚЛАЙДИ ВАТАННИ»

Ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ҳарбий хизматчилар билан ўтказиладиган учрашувларнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, мардлик, жасорат ва шижоатни улуғловчи бундайин тадбирлар ўсиб келаётган ёш авлодни янги орзулар сари руҳлантирмоқда, улар қалбида ҳарбий соҳага қизиқишнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежида ўтказилган «Мардлар қўриқлайди Ватанни» номли учрашув ҳам шу жиҳати билан қимматли бўлди.

Ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар фахрийлари тадбирнинг азиз меҳмони бўлишди. Унда сўзга чиққанлар миллий армиямизнинг шаклланиш жараёнлари, бугунги кундаги қиёфаси, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ва албатта, ҳарбий хизматчиларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни эътироф этдилар.

Самимий ўтган учрашув савол-жавобларга бой бўлди.

– Ёшларда ҳарбий касбга ҳавас ва иштиёқ кучли, – дейди тадбир меҳмони катта лейтенант Дониёрбек Муҳаммаджонов. – Мен ўқувчилар орасида бўлажак сафдошларимизни кўра олдим. Уларнинг бераётган саволлари, билдираётган фикрларини эшитиб, бугунги кун ёшлари миллий армия сафида хизмат қилишни, Ватан ҳимоясини шунчаки ишмас, балки шон-шараф, ғурур, ор-номус ва муқаддас бурч деб билаётганидан кўнглим тоғдек юксалди. Албатта, ёшларнинг дунёқарашидаги бундай ўзгаришларга армия ва халқнинг якдиллиги сабаб бўлмоқда.

Шавкат ЁҚУБОВ

Информеры