2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОГОҲЛИК ФАЛОКАТДАН АСРАЙДИ

Қуролли Кучлар Бош штаби ҳарбий ҳуқуқ-тартибот бошқармаси томонидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округда жойлашган ҳарбий шаҳарчаларнинг бирида «Ёнғин профилактикаси кунлари»га бағишланган тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбирда мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари, ўқувчи ёшлар, ҳарбий қисм ва муассасалар шахсий таркиби иштирок этди.

Унда Қуролли Кучлар Бош штаби ҳарбий ҳуқуқ-тартибот бошқармаси ёнғин хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Ўктам Хаитов сўзга чиқиб, турар-жой, ҳарбий шаҳарча, ҳарбий қисм, корхона, ташкилот ва муассасаларда ёнғин хавфсизлигига эътиборни кучайтириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида тегишли тавсиялар берди.

Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ риоя қилиш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мавзусида ҳам йиғилиш ўтказилди.

– Автоулов бошқарувида қилинган хатоларнинг кўпчилиги кечирилмас бўлиб қолиши мумкин, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳарбий автомобиль назорати бошлиғи подполковник Б. Аннаев. – Айниқса, гап инсон ҳаёти ҳақида кетар экан, бепарволик, эҳтиётсизлик фожиа билан якун топиши мумкин.

Тадбир сўнгида йиғилганларга йўл ҳаракати қоидаларига оид видеоролик намойиш этилди.   

И. ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры