2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САРАЛАЙ ОЛАДИГАН ЗЕҲН

Ички ишлар вазирлигига қарашли полковник Ғофур Курамбаев хизмат қилаётган ҳарбий қисмда «Терроризм ва экстремизм – тараққиёт душмани» мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Тошкент Ислом институти проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев қизиқарли ва фикр уйғотувчи, энг сўнгги маълумотларга бойитилган маърузаси билан иштирок этди. Тадбирда таъкидланганидек, жаҳоннинг турли мамлакатларида қонли можаролар, халқаро терроризм, экстремизм ва наркотрафик каби хатарлар кучайиб бормоқда. Миллатчилик, шовинизм деган бало майдонга чиқмоқда. Шиддат билан ўзгариб, тобора кескинлашиб бораётган дунёда, узоқ ва яқин атрофимиздаги вазият барчамиздан бепарволикка йўл қўймасдан, доимо огоҳ, ҳушёр ва сергак бўлишни талаб қилмоқда.

– Инсон чалғимаслиги, адашмаслиги учун билими, яъни мустаҳкам иммунитети бўлиши керак. Бу каби учрашувлар бизни айни пайтдаги реал вазият билан танишиш, тўғри билан нотўғрини фарқлаш, дин борасида зарурий тушунчаларни ўзлаштириш имконини бериши билан аҳамиятли. Аксарият одамлар интернетга «таяниб» қолган замонда, маълумотлари айқаш-уйқаш бўлган ижтимоий тармоқлардан керагини саралай оладиган зеҳн керак, – дейди кичик сержант Феруз Қуватов.

Тадбир сўнгида йиғилганлар эътиборига мавзуга оид фильм намойиш этилди.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

Информеры