2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛГА ТАЯНИЛАДИ

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталида Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот хизмати раҳбарияти таркибининг ўқув-услубий йиғини бошланди.

Дастлаб сўзга чиққан Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи тиббий хизмат полковниги Н. Фозилов якунланаётган ўқув йили мобайнида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталар экан, жойларда учраётган муаммоли ҳолатларга эътибор қаратиб, йиғин давомида танқидий таҳлил бирламчи омил бўлишини таъкидлаб ўтди.

Уч кун давом этадиган тадбир давомида иштирокчиларга тиббий таъминот хизматига оид қонун, қонуности ва вазирлик бошқарув ҳужжатлари талаблари етказилиб, ижро интизоми таҳлили ҳам ҳавола этилади. Шунингдек, улар соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ҳозирги замон раҳбар кадрларига бўлган талаблар, ҳарбий-тиббий ва махсус тайёргарлик машғулотларини ўтказишда таълимнинг интерфаол услубларидан фойдаланиш, фуқароларнинг жисмоний фаоллик даражасини ошириш ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида қилинаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишадилар.

Тадбир доирасида Қуролли Кучлар академиясида яратилган шарт-шароитлар билан танишиш, уч авлод учрашувини ўтказиш ҳамда пойтахтимиз театрларидан бирида спектакль томоша қилиш ҳам кўзда тутилган. Бу ҳақда газетамизнинг келгуси сонида батафсил танишасиз.

Азиз НОРҚУЛОВ

 

Информеры