Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МУЗАФФАР САРКАРДА ДИЛЛАРДА МАНГУ

Буюк давлат арбоби ва музаффар саркарда, моҳир дипломат ва бунёдкор, илм-фан ва маданият ҳомийси Соҳибқирон Амир Темурнинг геосиёсати, ҳарбий стратегияси, давлат бошқаруви ва бунёдкорлик фаолиятидаги ёрқин ютуқлари асрлар давомида дунё миқёсида изчил тадқиқ ва таҳлил этиб келинмоқда.

Соҳибқирон таваллуд топган кун мамлакатимизда ҳар йили кўтаринки руҳда кенг нишонланади. Бу йил ҳам улуғ саркарда таваллудининг 683 йиллигига бағишланган тадбирлар ўзгача кайфиятда ўтказилди.

Анъанага кўра, дастлаб Амир Темур хиёбонида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи-шоирлар, олимлар, ҳарбий хизматчилар талаба-ёшлар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Шарқ ва Ғарб халқларининг ўзаро маданий, савдо-сотиқ алоқаларида муҳим ўрин тутган Соҳибқирон бугун ҳам юксак ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинишини таъкидлади.

Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Шундан сўнг йиғилган меҳмонлар Темурийлар тарихи давлат музейига таклиф этилди. Музейнинг марказий кириш эшиги олдида Амир Темур даврига оид либосларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркестри томонидан тақдим этилган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

Музейнинг кичик конференциялар залида бўлиб ўтган «Амир Темур ва Темурийлар даврида халқ дипломатиясининг роли» мавзуидаги давра суҳбати ҳам йиғилганлар учун янгидан-янги маълумотлар манбаи бўлиб хизмат қилди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры