2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАММА ШУ ФИКРДА

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмларнинг бирида «Сержантлар форуми» бўлиб ўтди.

«Бирламчи бўлинмаларда интизом, одоб-ахлоқ муҳитини яхшилашда сержантларнинг ролини кучайтириш» мавзусидаги мазкур форумда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони, ҳарбий қисм шахсий таркиби ва сержантлар иштирок этди.

Сержантлар ёритиб бериш учун берилган мавзулар орқали чиқиш­лар қилди. «Жаҳон ва Марказий Осиё минтақасидаги ҳарбий-сиёсий вазият», «Ҳарбий хизматчилар орасида диний экстремизм, терроризм ва миссионерлик хавфини бартараф этишда сержантлар таркибининг масъулияти» ва «Ҳарбий жамоаларда интизомни мустаҳкамлаш ва ҳарбий хизматнинг хавфсиз шароитларини таъминлашда сержантларнинг тутган ўрни ва роли» каби мавзулардаги чиқишлар барчада катта қизиқиш уйғотди.

– Форумда ёритилган мавзулар бизнинг бевосита иш фаолиятимиз билан боғлиқ. Шу боисдан ҳам ўзимиз учун зарур ва керакли бўлган қўшимча маълумотларга эга бўлдик, – дейди кичик сержант Фурқат Мамарасулов. – Ўйлайманки, форум иштирокчиларининг ҳаммаси шу фикрда.

Шунингдек, форум сўнгида бир қатор кичик командирларга нав­батдаги ҳарбий унвонлар топширилди.

И. НУРАЛИЕВ

 

Информеры