2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«КАТТА БЎЛСАМ, УЧУВЧИ БЎЛАМАН»

Осмонда эркин парвоз қилаётган самолётларни кўриб кузатиб, завққа тўламиз. Ана шу лаҳзаларда юрагимиздан, «Учувчи бўлсам эди», деган ширин ҳаяжон ўтади. Бироқ бу касб инсондан улкан масъулият талаб қилади. Учувчи бўлиш учун болаликданоқ тайёргарлик кўриб бориш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги «Тонг» болалар соғломлаштириш оромгоҳида мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда «Мен учувчи бўламан» номли тадбир ташкил этилди. Тадбир Ватанга садоқат, миллий қадриятлар, бой тарихимизни чуқур ўрганиш, ёшлар кўнглида касбга ёндашув кўникмаларини ҳосил қилишга қаратилган. Унда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги психология ва касбий танлов бўлими бошлиғи подполковник У. Мирзакаримова болаларга учувчига зарур бўладиган жиҳатларни айтиб ўтди.

Сўнг тадбир иштирокчилари билан давра суҳбати ташкил этилиб, болажонлар билан савол-жавоб бўлиб ўтди. Қатнашчиларнинг аксарияти учувчиларнинг фарзандлари бўлганликлари боис саволлар қийин бўлмади. Бу эса уларнинг ўзлари орзу қилган касбларига ҳозирданоқ мустаҳкам пойдевор қўйилганидан дарак беради.

Қуролли Кучлар давлат музейи ходимлари томонидан тарихий экспонатлар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Бугунги дориламон кунларга осонликча эришмаганимиз, тинч кунларнинг қадрига етиб, Ватанимизнинг ҳар қаричини қўриқлаш шарафли бурчимиз эканлиги таъкидланди.

Фаол иштирок этиб, саволларга тўғри жавоб берган ўғил-қизларга бадиий асарлар ва эртак китоблар совға қилинди.

Шоҳсанам НИШОНОВА

 

Информеры