2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МЕН ҲАМ АВИАЦИЯДАН...

Уни худди қадрдон, яқин кишиларидек кутиб олдилар. Дўстона ва қизғин олқиш уни бир оз ҳаяжонга солгани сезилиб турарди. У сўзлай бошлади: йиғилганларнинг деярли ҳаммаси биладиган мавзулар – самолётлар, учувчилар, қаҳрамонликлар ҳақида гапирди, шунинг баробарида, улар учун номаълум дунё – кино олами ҳақида гапирди.

Қаранг-а, ҳамма билади, деган ўйда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигининг азиз меҳмони таниқли актёр Рустам Сагдуллаев эканини айтиш ёдимдан кўтарилай дебди. Актёр жуда кўп фильмларда суратга тушган. Аммо унга жаҳоний шуҳратни биргина «Жангга фақат «қариялар» боради» («В бой идут одни «старики») фильми келтирди. Ва у шу тариқа миллионлар қалбини забт этди.

Тадбирда унинг мухлислари бўлган учувчиларнинг ўзаро суҳбатлари қулоғимга чалинди: «Ўзи (Рустам Сагдуллаев) учганми?» «Йўқ, учмаган, тажрибали йўловчи…»

Гўё, уларнинг фикрини уққандек, актёр шу сўзларни таъкидлади:

– Мен учмаганман. Аммо мен ўзимни авиацияданман, деб биламан…

Унга гулдурос олқишлар жавоб бўлди.

Подполковник Ботир Қўзиев актёр Рустам Сагдуллаевни йиғилганлар номидан қутлаб, эсдалик совғаларни топширди. Шу куни актёр бир гуруҳ офицерлар қуршовида ҳарбий қисмда сақланаётган, тарихга айланиб улгурган, ўзи кўп бора тилга оладиган «қадрдон» самолётини бориб кўрди.

подполковник Аъзам ИМАМОВ

Информеры