2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СУРХОНДАРЁДА ҲАРБИЙ-МАЪМУРИЙ СЕКТОР ЙИҒИЛИШИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Денов туманидаги ҳарбий қисмда ҳам бўлиб, юрт ҳимоячилари билан суҳбатлашиб, шарт-шароитлар билан танишди.

– Ҳарбийлар халқимизнинг маънавий етук фарзандлари бўлиши керак. Бунинг учун шахсий таркибнинг маънавий етуклигини, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтириш лозим. Сиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз ворислари эканлигингизни доим ҳис қилиб, шунга муносиб хизмат қилсангиз, ёшларимиз ватанпарварлик, она юртга садоқат туйғуларини сизлардан ўрганади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев ҳарбийлар билан мулоқот чоғида.

Мазкур ташриф чоғида давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган қатор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳарбий-маъмурий секторининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Т. Боболов, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари – Жанубий оператив йўналиш бошқарув гуруҳи бошлиғи полковник Қ. Турсунов, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Йиғилиш давомида ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини янада юксалтириш, жанговар тайёргарликни ошириш учун етарли шароитларни яратиш ҳамда уларга чавандозлик маҳоратининг сир-синоатларини ўргатиш, бахшичилик санъати ва Алпомиш достони ҳамда Термизийлар томонидан ёзилган ҳадисларни етказиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда мансабдор шахсларга вазифалар белгилаб берилди.

 

Информеры