2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҒУРУР БАҒИШЛАГАН УЧРАШУВ

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳарбий кафедраси талабалари ҳамда Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида бўлиб ўтган «Кэмбрия патрули – 2019» халқаро ҳарбий мусобақасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган Мудофаа вазирлиги разведкачилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда мутахассислар томонидан қўшинларда ҳарбий топографик тайёргарликнинг аҳамияти, долзарблиги, соҳада қўлланилиши, эришилаётган муваффақиятлар юзасидан маълумотлар берилди. Шунингдек, вакилларимиз халқаро ҳарбий мусобақадан олган таассуротларини гапириб беришди.

Халқаро ҳарбий мусобақа ғолиби подполковник Бахтиёр Раҳимовнинг таъкидлашича, у бундай нуфузли ҳарбий мусобақада бор-йўғи иккинчи маротаба қатнашиши, шу боис ҳудуднинг нотанишлиги, мураккаб иқлим шароити ва тез ўзгарувчан жанговар вазият бироз қийинчиликлар туғдирибди. Бироқ шунга қарамай, уларнинг олган билимлари, тўплаган тажриба ва кўникмалари жамоамизни илғорликка етаклади.

Разведкачиларимиз манзилга азимут бўйича адашмай боришни аъло даражада уддаладилар ва маррага бошқа иштирокчи жамоалардан катта фарқ билан – 12 соат олдин етиб келдилар. 64 км.лик масофани 12 соатлик фарқ билан кесиб ўтиш бу ҳарбийларимизнинг нафақат мустаҳкам ҳарбий топографик тайёргарлик, балки жисмоний, жанговар ва руҳий тайёргарликлари ўта юқори даражада эканлигининг исботидир.

Тадбирда талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. Вакилларимизнинг ушбу натижаси талабаларга нафақат завқ, балки ғурур ҳам бағишлади. Улар ҳарбий топографияга оид билимларни пухта эгаллаб, келажакда ана шундай мусобақаларда шарафли ўринларни қўлга киритишга ваъда беришди.

Подполковник Н. БАБАЕВ, махсус тайёргарлик цикли бошлиғи 

Информеры