2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАЪНАВИЯТ – КАМОЛОТ НЕГИЗИ

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигида «Маънавият, унинг жамият тараққиёти ва инсон камолотида тутган ўрни» мавзуида тадбир ўтказилди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази қошидаги «Маънавият тарғиботчилари жамияти» аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова маъруза қилди. Жамила опанинг қизиқарли маърузаси бу гал авлоддан-авлодга ўтиб келаётган тарихий анъаналаримизга, миллий маънавиятимиз ва қадриятларимиз асралувчи оилага қаратилди.

Жамият ўзагини ташкил этувчи оилада миллат истиқболи – фарзандлар камол топади. Уларнинг ҳар томонлама етук вояга етишида ота-онанинг ўрни беқиёс. Ўғил-қизларни тетапоя қадамидан бошлаб тарбия бериш, миллий маданият ва қадриятларимизни сингдириб бориш, маънавиятимизнинг нозик қирраларини юрагига жо этиш оила катталарининг бурчи.

Жамила опа таъкидлаб ўтганидек, оилада фарзандга бериладиган илк сабоқ ота-онага ҳурматдан бошланади. Биргина дастурхон устидаги овқатланиш маданияти, яъни катталардан аввал таомга қўл узатмаслик, шошма-шошарлик билан овқатланмаслик, катталардан берухсат дастурхон устидан қўзғалмаслик каби бир қатор талаб ва сабоқлар мавжудки, бу ўғил-қизларда сабр ва ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш баробарида қадриятларимизга нисбатан эътиборли бўлишга замин яратади.

Олиманинг тарихий маданиятимиздан йироқлашмаслик, ўзлигимизни унутмаслик ҳақидаги қизиқарли суҳбати барчанинг эътиборини тортди.

Ватанни синовларга бардошли, оловқалб, шерюрак йигитлар ҳимоя қилади. Уларнинг илкидаги заҳматли бурч юртимиз тинчлиги, ҳурлигимиз барқарорлигини асровчи олмос қалқондир. Бу фидойилик асло жавобсиз қолмайди, давлатимиз ва юқори қўмондонлик томонидан ўз ўрнида рағбатлантириб борилади.

Тадбир давомида бир қатор ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.

Тақдирланаётган ҳарбий хизматчилар унвонни мамнуният ила қабул қилиб олар экан, зални «Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!» садоси ва гулдурос қарсаклар эгаллади.

Ўзига хос байрам тадбири Тошкент шаҳри, Яшнабод тумани ҳокимияти маданият бўлими қошидаги санъат дастаси санъаткорларининг куй-қўшиқлари билан давом этди. Ансамбль раҳбари Орифжон Акрамов ҳамда Ҳайитмуҳаммад Собиржонов, Мухлиса Турсунбоеваларнинг жозибадор қўшиқлари рақсларга уланди.

З. НОСИРОВА

Информеры