2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОРИФЖОН ОТА ​ХОНАДОНИДА

Фарғона шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 98 ёшли Орифжон ота Мўминов истиқомат қилади. Бундай ёши улуғ, ҳаётий тажрибаси улкан, бугунги дориламон кунлар учун салмоқли ҳисса қўшган нуронийларимиз – бизнинг фахримиз. Уларга ҳар қанча эъзоз, ҳурмат кўрсатсак, ардоқласак кам.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳарбий-ватанпарварлик бўлими ташаббуси билан бир гуруҳ ижодкорлар, маҳалла фаоллари ҳамда миллий армиямиз сафларида ўз бурчини ўтаб қайтган йигитлар Орифжон ота хонадонида бўлиб, нуронийнинг ҳолидан хабар олишди.

Дунёда шундай қутлуғ ва мўътабар бир сўз борки, бу сўзда ҳаммамизнинг жону жаҳонимиз, борлиғимиз, ҳаётимиз мужассам. Бу ҳаётбахш ва азиз сўз – тинчлик. Наинки инсон, тоғнинг улкан чўққисида турган бургутга ҳам, палапонларига тумшуғида сув олиб учаётган қалдирғочга ҳам тинчлик керак. Ана шундай улуғ неъмат – тинчлик  учун курашиб, Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат кўрсатган қаҳрамон инсон ва бугун юрт фаровонлиги учун камарбаста бўлаётган баҳодир йигитларни ёнма-ён кўриш қалбларни чексиз  ғурур-ифтихорга тўлдиради, албатта. Урушнинг аччиқ заҳматларини тотган нуроний отахон осойишта кунларнинг истиқболига бел боғлаган алп келбатли йигитлар билан суҳбатлашиб, ўзи ҳам ёшликка қайтгандек бўлди. Орифжон ота ёшларга уруш хотиралари, қаҳатчилик йилларидаги халқнинг оғир турмуш тарзи ва шунда ҳам йўқотилмаган оқибатдан сўзлаб, бугунги фаровон кунларнинг қадрига етиш кераклиги ҳақида қимматли ўгитлар берди.

– Бундай суҳбатлар бизга тарих билан юзлашиш имконини беради, – дейди шоира Дилшода Ҳалимжонова. – Ёши улуғ отахону онахонларимизнинг ўгитларини катта маънавий озуқа сифатида қабул қиламиз.

Ҳа, бу каби жасоратни улуғловчи суҳбатлар, учрашувлар замирида эртанги тинч, осойишта кунларга бўлган чексиз ишончимиз юксалиб бораверади.

Шоҳсанам НИШОНОВА

 

Информеры